2015 йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан “Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

            Бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Эркин Авезов “Иш ўринлари ташкил ташкил этиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш” дастурининг бажарилиши ва бандликнинг самарали шаклларини ривожлантириш масласига тўхталар экан 2015 йил бандлик дастури ижроси ҳақида ахборот берди. Унга кўра ҳисобот даврида республика бўйича жами 748 минг иш ўринлари ташкил этилиб, дастур 101 фоизга кўп бажарилди. Бунда, мақсадли дастурларга мувофиқ 163 мингта, жумладан саноатда – 60 мингта, хизмат кўрсатиш ва сервисда – 52 мингта, қишлоқ хўжалигида – 35 мингта иш жойлари ташкил этилди. Дастур ижросида асосий эътибор - кичик бизнесга қаратилган бўлиб, кичик корхона ва микрофирмалар, якка тадбиркорлик, уй меҳнати, деҳқон ва фермер хўжаликларида жами 585 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланди (бу яратилган иш ўринларининг 78 фоизига тенг бўлди). Жорий йилнинг ўтган даврида 900дан ортиқ бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди ва уларда 44 мингта корхона ва ташкилотлар иштирок этиб, 50  минг кишига ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар берилди. Шунингдек, ҳудудий меҳнат органларининг инспекторлари маҳаллаларда юриб, ишсиз бўлган ва иш қидираётган 230 мингга яқин фуқароларни ишга жойлашишига кўмаклашилди, улардан 110 минг нафари аёллар,  168 минг нафари ёшлар, 67 минг нафари ижтимоий мухофазага мухтож ахолини ташкил этади. Уларнинг 143 минг нафари қишлоқ худудларига тўғри келади. Четдан қайтган меҳнат мигрантларидан 186 минг нафарининг бандлиги таъминланган.

Ижтимоий муҳофаза борасида амалга оширилган ишларга тўхталар экан, Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари мониторинги ва таҳлили бошқармаси бошлиғи Баходир Шарапов, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан, жорий йил  17,0 минг нафардан зиёд ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар рўйҳатга олиниб, улардан 4 минг нафардан зиёди ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар сифатида рўйҳатга олинган, улар ҳар ой бепул 9 турдаги маҳсулотлар  билан, 2015 йил 1 сентябрдан эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 237-сон қарорига асосан 15 турдаги маҳсулотлар билан таъминланмоқда. Ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлардан 16 минг нафари уйида ижтимоий хизмат кўрсатишга муҳтож деб топилиб, уларга 2 минг нафардан зиёд ижтимоий ходимлар бириктирилиб, уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш билан тўлиқ қамраб олинган. 1941-1945 йиллар уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 1 октябрь холатига 9800 нафардан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторияларда соғломлаштирилди. Ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 613  мингта оилаларга ижтимоий нафақалар тайинланди. Шундан 194  мингта оилага 2 ёшгача бола тарбияси учун, 364  мингта вояга етмаган фарзандлар учун, 55  мингта кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинланди. Ногиронларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш мақсадида 2040 нафар имконияти чекланган фуқаролар ногиронлар аравачаси, 827 нафари эшитиш мосламаси, 1603 нафари хасса ва 959 нафари қўлтиқтаёқ билан таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси мутахассиси Нодир Тешаев ўз маърузасида амалга оширилган ишлар хақида ахборот берди. Жумладан жорий йилнинг 9 ойи давомида инспекция ходимлари томонидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши томонидан тасдиқланган режа асосида, давлат бюджетидан молиялаштирладиган ташкилотларда, ҳуқуқ тартибот идоралари билан ҳамкорлик доирасида, жами 5 мингдан ортиқ текширувлар ўтказилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича иш берувчиларга нисбатан 500 дан ортиқ бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган 4 юздан ортиқ мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Жойлардаги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан 2015 йилнинг 9 ойи давомида Меҳнат муносабатларига оид ва «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунларнинг корхона ва ташкилотларда ҳамда фермер хўжаликларида кенг тарғиб этиш юзасидан телевидение ва радио орқали 80 дан ортиқ, маротаба, матбуот, газета, журналлар орқали 170 дан ортиқ маротаба чиқишлар қилинган ҳамда 1,8 минг марта йиғилиш-семинарлар ва очиқ эшиклар, жами 2 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Сулаймонова Нозима ахборотига кўра, Республика бўйича Давлат меҳнат техника инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари томонидан ўтказилган текширишларда, Меҳнат муҳофазаси қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик холатлари бўйича жами бўлиб 29 мингдан ортиқ камчиликлар аниқланган бўлиб қарийб 28 мингтаси бўйича камчилик бартараф этилганлиги ҳақида корхоналардан маълумотлар олинган. Давлат меҳнат техника инспекторлари томонидан 2015 йилнинг 9 ойи давомида Меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига амал қилинмаганлиги учун 2450 нафардан ортиқ мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган бўлиб, шундан 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган, 9 нафарига бошқа интизомий чоралар кўрилган, қолганларга маъмурий жарималар қўлланилган. Солинган жариманинг жами миқдори 860 млн. Сўмдан ортиқни ташкил қилди.

Тадбирда меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди. Журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

Меҳнат вазирлигининг
Ахборот хизмати