Ахборотдан фойдаланувчиларнинг меҳнат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш

РЕГЛАМЕНТИ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) мувофиқ ахборотдан фойдаланувчиларнинг меҳнат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
  2. Мазкур Регламентда меҳнат органлари деганда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шахар Бандлик бош бошқармалари ҳамда Бандликка кўмаклашиш марказлари тушунилади.
  3. Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.
  4. Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров (бундан буён матнда сўров деб юритилади) ахборотдан фойдаланувчининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳакида ушбу органларга ва (ёки) уларнинг мансабдор шахсларига йўлланадиган оғзаки ёки ёзма шаклдаги (шу жумладан электрон ҳужжат шаклидаги) талабидир.
  5. Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, ахборотдан фойдаланувчи қуйидаги ахборотларни олиш юзасидан бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиши мумкин:

меҳнат органларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

вазирлик томонидан қабул килинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, норматив ҳамда бошқа ҳужжатлар, шунингдек уларнинг ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотлар;

вазирлик томонидан қабул килинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, норматив ва бошқа ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ушбу ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маълумотлар;

вазирлик томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, норматив ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар;

меҳнат органлари томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотлар;

меҳнат органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;

меҳнат органларининг давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар;

амалга оширилишида вазирлик иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги маълумотлар;

меҳнат органларининг фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган тармоқнинг (ҳудуднинг) ҳолатини ва унинг ривожланиш суръатини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар хақидаги, шу жумладан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар;

меҳнат органлари томонидан ўтказиладиган (ташкил этиладиган) очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;

бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларини эгаллаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;

меҳнат органлари томонидан тузилган мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат органлари тўғрисидаги маълумотлар;

меҳнат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой, вақт ва мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби.

Меҳнат органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

  1. “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили хақида”ги Қонунга мувофиқ, ахборотдан фойдаланувчиларга меҳнат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровлар билан Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида мурожаат этиш, шунингдек уларга давлат тилида жавоблар олиш ҳуқуқи таъминланади. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг бошқа тилларда ҳам мурожаат этиш ва жавоблар олиш ҳуқуқи таъминланади.
  2. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг вазирликнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши билан боғлиқ сўровларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш вазирнинг 2016 йил 28 мартдаги 41/1-ич-сон буйруғи билан тасдиқланган Ахборотдан фойдаланувчиларнинг вазирликнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровларини қабул қилиш

  1. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари меҳнат органларининг девонхонасида қабул қилинади ҳамда шу куннинг ўзида белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, масаланининг тегишлилигига қараб раҳбарият резолюцияси асосида таркибий бўлинмага ижрога берилади.

Агар ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш бир неча ижрочига топширилса, унда резолюцияда биринчи кўрсатилган ижрочи асосий ижрочи ҳисобланади.

  1. Айни бир шахсдан ва айни ўша масала бўйича тушган сўров, агар биринчи сўров берилган вақтдан эътиборан сўровга жавоб бериш муддати ўтган бўлса ёки ахборотдан фойдаланувчи ўзига берилган жавобдан қаноатланмаган бўлса, такрорий деб ҳисобланиши керак. Такрорий сўровга у тушган пайтда навбатдаги рўйхатга олиш индекси берилади, рўйхатга олиш-назорат ёзувининг тегишли устунида “такрорий” деган белги куйилади.

3-боб. Қонунга мувофиқ сўровга қўйиладиган талаблар

  1. Жисмоний шахснинг сўровида унинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг сўровида юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма сўровлар ахборотдан фойдаланувчининг шахсий имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Сўровни шахсий имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, у тузувчининг фамилияси, исми, отасининг исми қўйилган ҳолда унинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

  1. Ахборотдан фойдаланувчининг мазкур Регламентнинг 10-бандида кўрсатилган, шахсини билиш имкониятини берувчи маълумотларни ичига олмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.
  2. Белгиланган тартибда юборилган сўров кўриб чиқилиши шарт.

4-боб. Сўровларни кўриб чиқиш

  1. Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан 15 (ўн беш) кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.

Оммавий ахборот воситасининг меҳнат органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан 7 (етти) кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўровини кўриб чиқиш меҳнат органлари ваколатларига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан 3 (уч) иш куни ичида юборилади, ахборотдан фойдаланувчи эса бу хақда хабардор қилинади.

Расмий нашрларда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (чоп этилган) ёҳуд расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборот сўралганда меҳнат органлари сўровга бериладиган жавобда сўралаётган ахборот эълон қилинган (чоп этилган) расмий нашрнинг, оммавий ахборот воситасининг номи, чиқарилиш санаси ҳамда рақамини ва (ёки) сўралаётган ахборот жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилини кўрсатган ҳолда ҳавола бериши мумкин.

Агар меҳнат органлари олинган сўров бўйича давлат органларининг ваколатлари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмаса, ахборотдан фойдаланувчига сўров рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан 3 (уч) иш куни ичида тегишли жавоб юборилади.

Сўров рад этилган тақдирда ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади.

5-боб. Ахборотдан фойдаланувчилар сўровларининг кўриб чиқилиши устидан назорат қилиш

  1. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг меҳнат органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш юзасидан меҳнат органларига тушган барча сўровлари девонхона томонидан назоратга олинади.
  2. Ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўровларни кўриб чиқиш сўровни амалга ошираётган ахборотдан фойдаланувчига барча сўралаётган ахборот тақдим этилганидан ва улар кўриб чиқиш учун топшириқ берган раҳбар томонидан назоратдан чиқарилганидан кейингина тугалланган деб ҳисобланади.
  3. Ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўровларга жавоблар кўриб чиқиш учун топшириқ берган раҳбар томонидан ёки муносабат белгисига (резолюцияга) мувофиқ бунга ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан имзоланади.
  4. Ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўровга оғзаки жавоб берилган ҳолларда рўйхатга олиш карточкасига тегишли ёзув ёзиб куйилади.
  5. Кўриб чиқиш материаллари асосида масъул ижрочи ёки назоратни амалга оширувчи шахс кўриб чиқиш натижалари бўйича сўровни кўриб чиқиш хақида топшириқ берган раҳбарига назоратдан чиқариш учун билдирги киритади.

6-боб. Ахборотдан фойдаланувчиларни шахсан қабул қилиш

  1. Ахборотдан фойдаланувчиларни қабул қилиш белгиланган жадвалга мувофиқ раҳбарлар, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек бу ишга ваколат берилган мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади.
  2. Ахборотдан фойдаланувчиларни қабул қилиш амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар махсус электрон журналда қайд этиб борилади. Махсус электрон журналдаги маълумотлардан расмий веб-сайтлардаги тегишли шаклларни тўлдиришда фойдаланилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

  1. Мазкур Регламент талабларини бузган меҳнат органларининг масъул ходимлари белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.