Хабарингиз бор, яқинда “Kamolot” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи бўлиб ўтди ва бу кун юртимиз ёшлари ҳаётида унутилмас бўлиб муҳрланди. Мамлакатимиз Президенти маърузаларида ёшлар, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлаши учун имтиёзлар бериш масалаларига алоҳида тўхталиб, вазирлик ҳамда идораларга қатор вазифалар юклади.

Қайд этилдики, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида Ёшлар тадбиркорлик кластерлари ташкил этилиб, улар фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва Интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга “ноль” қиймати билан ижарага берилади. Бу жуда кенг имконият демак. Энди наврасталар бор куч-ғайратини намоён этиб, эл корига камарбаста бўлса бас. Бундай шароит мавжуд маконда қўл қовуштириб ўтириб бўлмайди, ахир.

Шунингдек, ёшларни ҳунармандликка йўналтириш, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратишга алоҳида урғу берилди. Энди уларга имтиёзли шартлар асосида жой ажратиш, мини-технологиялар, асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар ўрнатиб бериш ишлари амалга оширилади. Маълумки, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиши ҳамда жамиятда муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш тизими изчил йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги эътибори, таъкиди замирида ҳам айни шу мақсад мужассам бўлиб, уни яна янги босқичга кўтаришга хизмат қилажак, десак муболаға бўлмас.

Қайд этиш лозим, 2016/2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини жами 450 мингдан ортиқ битирувчи тамомлайди. Бугун уларнинг бандлигини таъминлашга иқтисодиёт комплекси ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг кўп йиллик тажрибага эга ходимлари масъул этиб бириктилган. Битирувчини иш билан таъминлаш бир томоннинг ҳаракати билан бўлмайди, ахир. Бу йўналишда ҳам ҳамкорлик жуда муҳим.

Шу ўринда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан коллеж битирувчилари билан тўрт томонлама шартномаларни номигагина имзолаш ҳолатлари олдини олиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласида қўшиб ёзишларга барҳам бериш учун бириктирилган масъуллар ишини назорат қилиш юзасидан аниқ тизим ўрнатилди ва унга мувофиқ коллеж битирувчиси жорий йилнинг 1 августига қадар ишга кириб, иш ҳақи олиши ва шу асосда унинг СТИР (ИНН) ва ЖБПҲВ (ИНПС)га тушган ўтказмалар кузатиб борилади.

Коллежлар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлашганлиги устидан мониторингини юритиш бўйича янгидан “college.mehnat.uz” ва “OTM.mehnat.uz”, муддатли ҳарбий хизматни тугатган ёшлар бандлиги мониторингини юритиш бўйича ҳам “millitary.mehnat.uz” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Ишлаб чиқилган тизим орқали Республика бўйича битирувчиларга бириктирилган 74 мингта масъуллар ва 456,8 мингта битирувчилар ҳамда 19,0 мингдан ортиқ муддатли ҳарбий хизматни тугатган ёшларнинг номма-ном рўйхати, яшаш манзили, мутахассислиги, битирувчиларнинг СТИР (ИНН) рақамлари, ишга жойлашиш учун бириктирилган корхона номи, СТИР (ИНН) ракамлари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истаги бўлган ёшлар, улар таклиф этган лойиҳа учун талаб этиладиган кредит маблағлари миқдорлари тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилган.

Ўз навбатида битирувчиларнинг ишга жойлашганидан сўнг, уларни ишга қабул қилган корхона номи, СТИР (ИНН) рақами, тузилган меҳнат шартномалари, вақти, муддати ҳамда битирувчиларнинг жамғариб бориладиган пенсия тўлови бўйича индивидуал рақамига (ИНПС) маблағларнинг келиб тушуши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганлиги, ҳаттоки томорқа хўжаликларида ўзини-ўзи банд қилиши тўғрсидаги маълумотлар ўз аксини топган.

Энг муҳими ушбу тизим битирувчиларнинг банд бўлганлигини, қаерда ва қайси корхонада ишлаётганлигини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш орқали даромадларига эга бўлиш жараёнларини кузатиш имконини беради.

Қолаверса, меҳнат бозорига биринчи мартта кириб келаётган ёшларни иш билан таъминлаш учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари, таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган бўлса, уларнинг иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи биринчи йили 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йилларда эса 25 фоиз камайтирилади.

Мазкур киритиладиган меъёр иш берувчиларнинг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришдан манфаатдорлигини оширишга ҳамда имтиёзни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағларнинг бир қисмини битирувчиларнинг касбий малакасини ошириш бўйича ташкил этиладиган тадбирларга йўналтириш имконини беради.

Ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар юртимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш йигит-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, тадбиркорлик фаолиятини самарали йўлга қўйиши ва пировардида ёшларнинг республика иқтисодиётини янада ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати