2017 йил 23 май куни Мамлакатимиз Президенти “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонни имзолади.

Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига айлантирилди. 

Шунингдек, мазкур хужжатга мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб:

- иш берувчиларнинг битирувчиларни ишга жойлаштиришдан манфаатдорлигини ошириш мақсадида ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини улар ишга жойлашганликларидан кейинги бир йил ичида 50 фоизга, иккинчи ва учинчи йил давомида эса 25 фоизга камайтирилади. Бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлашганлар бундан мустасно бўлади.

- туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларини сақлаб туриш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиб, жамғарманинг бўшайдиган маблағлари ишсизларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнат органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чораларни амалга оширишга йўналтирилади.

- коллеж, академик лицейларнинг ўқувчилари солиқ тўловчининг индивидуал рақами берилган ва электрон рақамли имзо (ЭРИ)ни тегишли тўловни ундирмасдан солиқ тўловчи сифатида давлат солиқ органларида рўйхатга қўйилади.

Айни вақтда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида асосий вазифаси вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуришда, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишини молиялаштириш бўлган, юридик шахс мақомидаги Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилади.

2018 йилнинг 1 1 июндан  бошлаб нодавлат ташкилотларга фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида пуллик, улар томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти амалга ошириладиган ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берилади.

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг “электрон меҳнат дафтари” тизими йўлга қўйилиб, биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилади ва босқичма-босқич меҳнат дафтарчаларидаги ёзувларни солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) ва фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тўлови бўйича индивидуал рақами (ПТИР) асосида ходимнинг иш жойи ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўловлар амалга оширилган даври бўйича ҳисобга олиш билан алмаштириб борилади. 

Шунингдек, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари таълим муассасасини тамомлаган даврдан бошлаб уч йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан ташқари, ходимларнинг розилиги билан муайян муддатли меҳнат шартномалари тузиши, жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажариши (муддатли меҳнат шартномалари) мумкин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

- иш ташкил этишнинг барча давлат хизматларини тўлиқ ҳажмда (реинжиниринг) қайта кўриб чиқади;

- ишга танлов асосида қабул қилади;

- давлат хизматларини “ягона дарча” тамойилида кўрсатади;

- фуқароларга меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтиради;

- меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий рағбатлантирувчи услубларини қўллаган ҳолда, самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) асосида ходимлар меҳнатининг сифати ва самарадорлигини баҳолашнинг илғор шакллари жорий этади;

- меҳнат бозоридаги вазият ва бандлик ҳолати тўғрисида маълумотларни, шу жумладан, иш қидириб меҳнат органларига мурожаат қилган ҳамда ишсизлик бўйича нафақа олаётган фуқаролар сони, яратилган иш жойлари, рўйхатга олинган бўш иш ўринлари ва аҳоли, иш берувчилар ва инвесторлар учун аҳамиятга эга бўлган бошқа маълумотларни чоп этиб боради.

 

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати