Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг “Давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” Қонунига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги (кейинги матнларда – Вазирлик) фаолиятига доир маълумотлардан тўсқинликсиз фойдаланишларини таъминлашга доир муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

2. Мазкур Низомда қуйидаги термин ва атамалар қўлланилади:

ахборотдан фойдаланувчи – давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни қидиришни амалга ошираётган жисмоний ва юридик шахс;

очиқ йиғилиш (мажлис) – вазирликнинг тузилмавий бўлинмалари томонидан ўтказиладиган ва уларда ахборотдан фойдаланувчилар иштирок этишига рухсат берилган йиғилиш;

давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида маълумот олиш учучн сўров – ахборотдан фойдаланувчи томонидан оғзаки ёки ёзма равишда (шунингдек, электрон ҳужжат шаклида) вазирликнинг тузилмавий бўлинмаларига ва (ёки) уларнинг мансабдор шахсларига, ушбу тузилманинг фаолияти тўғрисида маълумот тақдим этиш ҳақида йўлланган сўров.

3. Ушбу Низомнинг таъсири, ахборотдан фойдаланувчининг сўрови асосида, вазирликнинг тузилмавий бўлинмалари томонидан ўзларининг фаолияти тўғрисида маълумотларни тақдим этиш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилади.

4. Ушбу Низом қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

вазирликнинг тузилмавий бўлинмалари томонидан ишланаётган ходимларнинг шахсига оид маълумотларни тўсқинликсиз олишни таъминлаш билан боғлиқ муносабатларга;

вазирликнинг тузилмавий бўлинмалари томонидан мурожаатлар, таклиф ва шикоятларни кўриб чиқиш тартибига;

вазирликнинг тузилмавий бўлинмалари томонидан бошқа давлат хокимияти ва бошқаруви органларига, ўзларининг ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда фаолияти тўғрисида маълумотларни тақдим этиш тартибига;

вазирликнинг тузилмавий бўлинмалари фаолиятига доир айрим маълумотларни тақдим этишнинг хусусияти қонунчиликнинг бошқа ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган ҳолатларга.

5. Вазирликнинг тузилмавий бўлинмаси фаорлиятига доир маълумотларни тўсқинликсиз қуйидаги усулларда олиш мумкин:

Вазирликнинг Ахборот хизмати томонидан чоп этиладиган расмий нашрларда ва хабарлар орқали;

Вазирлик тузилмавий бўлинмаларининг очиқ йиғилишларида иштирок этиш орқали;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровига биноан маълумот тақдим этиш орқали;

вазирликнинг веб-сайтида маълумотларни жойлаштириш орқали;

маълумотларни барчага қулай жойларда ёки шу мақсадда махсус ажратилган жойларда жойлаштириш орқали;

маълумотларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш орқали.

II. Вазирликнинг фаолияти тўғрисида маълумотларни
тўсқинликсиз олишни ташкиллаштириш

6. Вазирликнинг тузилмавий бўлинмалари, ваколатлари доирасида, ўзларининг фаолиятига тегишли, очиқлиги чекланган маълумотлардан ташқари, маълумотларни, Ўзбекистон Республикасининг “Маълумотларни тўсқинликсиз олишнинг кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида” Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги “Миллий ахборот ресурсларни ҳимоялаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-1572-сон қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар тўғрисида” 2011 йил 7 ноябрдаги 296-сонли қарорига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ тўсқинликсиз олишни таъминлайдилар.

7. Вазирликнинг тузилмавий бўлинмалари ўзларининг фаолиятига тегишли маълумотларни тўсқинликсиз олишни таъминлаш мақсадида, ушбу маълумотларни тақдим этишга масъул бўлган ваколатли мансабдор шахсни тайинлайдилар.

Ушбу масъул мансабдор шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ички буйруқ ва лавозим йўриқномалари билан ўрнатилади.