Россия ОАВда Марказий Осиёдан борган меҳнат мигрантларига қарши намойишлар ҳақида маълумотлар тарқалди. Намойишлар келиб чиқишига зўрлаш сабаб бўлиб, Россия Федерациясининг Тергов қўмитаси бунда асли Қирғизистон Республикасидан бўлган фуқарони айбдор деб топди.

Мазкур можаро бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида фавқулодда ишчи гуруҳи тузилди.

Келиб тушган маълумотларга кўра, бугунги кунда Саха Республикасида 11 250 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Вазирлик ходимлари Ёқутистондаги ўзбек диаспораси вакили Тошпўлат Едгоров билан боғланди. Етказилган маълумот бўйича ҳозирги кунда вазият кескин эмас, юртдошларимиз ҳаёти ва соғлиғига ҳеч нарса хавф солмаяпти. Шунга қарамай, диаспора вакили эҳтиёткорликни сақлаб, одамлар оммавий тўпланадиган жойларга заруратсиз бормасликка чақирмоқда.

Шунингдек, вазият Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги вакили – Саиднўъмон Мансуровнинг жиддий назорати остида бўлиб турибди. Унинг маълумотларига кўра, Саха Республикасидаги вазият барқарорлашган.

Саха Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Москвадаги +7 (903) 507-76-67 ёки Тошкентдаги +998 (71) 200-06-00 “ишонч тармоқларига” мурожаат қилишларини сўрайди.

Вазирлик хорижда қийин аҳволда ёки ҳужжатларсиз қолган, меҳнат ҳуқуқлари ва эрклинлиги бузилган Ўзбекистон фуқароларини юртимизга қайтариш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришга ажратиладиган имтиёзли кредитлар олиш ва ўз-ўзини банд қилишни таъминлаш учун шароитлар яратишга тайёр.