Ўзбекистон Респyбликаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3856-сон Қарори билан тасдиқланган йўл харитасига мувофиқ, 2019 йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ташаббуси билан вазирлик тасарруфидаги Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ўқувчилари ўртасида илк маротаба касбий кўникмалар танлови ўтказилди.

 

Танловдан кўзланган асосий мақсад – ўқув марказларидаги таълим сифатини ошириш, ўқув-тарбия жараёнини, ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини такомиллаштириш, улар томонидан қобилиятли ўқувчилар билан аниқ мақсадга йўналтирилган якка тартибдаги ишларни ўтказиш, ўқувчиларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилишга шарт-шароит яратиш ҳамда халқаро касбий кўникмалар танловида иштирок этиш учун номзодларни шакллантиришдан иборатдир.

 

Танловда Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг жами 3 та гуруҳи қуйидаги тўрт йўналиш бўйича касбий кўникмаларини синовдан ўтказди:

1. Автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш.
2. Электр ва электроника.
3. Пайвандлаш ишлари техниги.
4. Ахборот технологиялари.

Танлов жараёнларини KOICA мутахассислари ва тегишли ташкилотларнинг масъул вакилларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Танлов доирасида, шунингдек, гуруҳ ўқувчилари томонидан яратилган турли технологик ишланмалар ва ўқув маркази фаолиятини ёритувчи стендлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Куннинг иккинчи ярмида марказ ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий кеча ҳамда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов ҳамда KOICAнинг Тошкентдаги офис директори Сон Сонг Ил бевосита иштирок этиб, йўналишлар бўйича танлов ғолибларини мукофотлашди.

Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ўртасида илк маротаба ўтказилган танлов натижаларига кўра умумий ҳисобда Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш маркази биринчи ўринни эгаллади.

Тадбир якунида танловнинг барча иштирокчиларига ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.