1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито билан расмий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Нобуаки Ито билан бирга, элчихона вакиллари Йоко Ямото, Тацунори Мотоки ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.

Маълумки, жорий йилнинг 13-17 январь кунлари вазир Шерзод Кудбиев Японияда стажёрларни техник тайёрлаш дастури бўйича ҳамкорлик ўрнатиш ва мазкур давлатда ишга жойлаштириш учун Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда танлаш дастурини амалга оширишни ташкиллаштириш мақсадида Японияга ташриф буюрган эди.

Ташриф натижасига кўра, Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида стажёрларни техник тайёрлаш дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди ва қатор ўзаро истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

Учрашув давомида ана шундай ҳамкорлик лойиҳаларидан бири – вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш учун Японияга Ўзбекистон фуқароларини юбориш бўйича ҳамкорлик Битимини имзолаш, шунингдек, вазир томонидан Японияга амалга оширилган ташриф истиқболлари ҳақида фикр алмашилди. Хусусан, Нобуаки Ито Японияда малакали ишчиларга талаб юқори эканлиги ва бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш икки томонлама манффатли бўлишини таъкидлаб, шунга монанд ўзаро ҳамкорлик Битими бўйича тегишли таклифлар берилишини сўради.

Ўз навбатида, Шерзод Кудбиев Японияга ташрифи чоғида юксак эҳтиром кўрсатилгани ва меҳнат соҳаси бўйича ҳамкорлик қилишга алоҳида қизиқиш билдирилгани хусусида тўхталиб, имзоланиши режалаштирилаёт-ган ҳамкорлик Битимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ва тез орада тегишли таклифлар киритилишини қайд этиб ўтди. Шунингдек, вазир Японияда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларига япон тилини ўргатувчи ва уларнинг япон тилини билиш даражасини баҳоловчи ўзаро ҳамкорликдаги марказни ташкил этиш таклифини киритди.

Учрашув якунида билдирилган фикр-мулоҳазаларга мувофиқ ҳамкорликни жадал давом эттиришга келишиб олинди.