Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бандлик соҳасида янгича ёндашувларни жорий этиш, ишсиз аҳолини, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил қилинди. 

Бундан ташқари, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида 2017 йил 12 сентябрда Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарор ижросини таъминлаш, ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилди. 

– Қарор бўйича ҳақ тўланадиган жамоат ишлари бюджет ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ташкил этилганда 100 фоиз, хўжалик ҳисобидаги корхоналар томонидан ташкил этилганда 50 фоиз миқдорида иш ҳақи жамғарма ҳисобидан тўлаб берилади, – дейди Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғи А.Усмонов. – Мазкур ҳужжатга асосан Пастдарғом туманида тажриба сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этилди ва 2017 йил ноябрь ойида 1268 нафар, декабрь ойида 1173 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. 2018 йилдан бошлаб барча туманларда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этилиб, йилнинг биринчи чорагида 4 мингдан ортиқ фуқаро жалб этилиши бўйича иш берувчилардан буюртмалар қабул қилинган. 

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳақ тўланадиган жамоат ишларини самарали ташкил этиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан ҳар бир туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига “Damas” автомашинаси топширилмоқда. Бу жамоат ишларини сифатли ташкил этиш, ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни узоқ ҳудудларга ишга олиб бориш, меҳнат қуролларини етказиш, халқимизга қулайлик яратиш йўлидаги хайрли ишларга хизмат қилиш учун ажратилди. 

– Жорий йил биринчи чораги учун 200 нафар ишсиз аҳоли рўйхатга олинди, – дейди Нуробод тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори И.Бердиқулов. – Йил давомида бирор касбий малака ва маълумотга эга бўлмаган 1500 дан ортиқ ишсиз фуқаро жамоат ишларига жалб қилиниб, ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланади. Айни пайтгача 50 дан ортиқ корхона-ташкилот билан шартнома тузилиб, бажариладиган ишлар белгилаб олинди. Бугун жамғарма томонидан берилган автомашина бу борадаги фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. 

 

Манба