Аҳолини иш билан таъминлаш Самарқанд вилоят Бандлик бош бошқармасининг энг асосий вазифаcидир. Ишсиз фуқаролар Бош бошқарма тизимидаги туман ва шаҳар Бандликка кўмаклашиш  марказлари томонидан бўш иш ўринлари, квоталанган иш ўринлари ҳамда янги яратилган
иш ўринларига белгиланган тартибда ишга жойлаштирилади.

Аҳолини иш билан банд бўлиши, шахсни доимий равишда муайян
касб фаолият билан шуғулланиши, даромад олиши ва фаровон ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Ишсизлик ва бекорчиликдан жамиятда ҳар хил  ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, бузғунчи ғояларга билиб-билмай эргашиш, фуқароларни иш излаб чет элларга қонунга хилоф равишда чиқиб кетиши натижасида, одам савдосининг авж олиши ва бошқа салбий ҳолатлар вужудга келишига олиб келади.

Аҳолини иш билан таъминлаш фақат давлат органларигина эмас, балки жамоатчиликни, айниқса, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, яъни иш берувчиларнинг роли катта аҳамиятга эга.
Иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддасида белгилаб қуйилган.

Мазкур Қонун ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 декабрь куни 858-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида»ги Низомнинг 2-бандида Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига тегишли бадалларни тўловчи сифатида рўйхатга олинган (микрофирма ва кичик корхоналардан ташқари) барча
иш берувчилар ҳудудий Бандликка кўмаклашиш марказларига бўш
иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш лозимлиги кўрсатилган.

Мазкур Низомнинг 4-бандида  иш берувчилар ҳар ҳисобот ойининг
30, 31 куни, февраль ойи учун 28, 29 кун ҳолати бўйича, ҳар ойнинг
5 санасидан кечикмай бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш шартлиги кўрсатилган.

2017 йил май ойидан бошлаб, иш берувчилар бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳудудий Бандликка кўмаклашиш марказларига интернет тармоғи орқали электрон тарзда тақдим этиш имконияти жорий этилган.

Тақдим қилиниши лозим бўлган маълумотлар иш берувчиларда бўш
иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тақдим этилиши лозим.

Мазкур қонунчиликка иш берувчилар томонидан сўзсиз риоя қилиниши Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда ушбу
иш ўринларига ишсиз фуқароларни жойлаштиришга шароит яратади.

Бўш иш жойларининг мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яширганлиги, шунингдек, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун иш берувчининг мансабдор шахсларига Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 229-моддасига асосан энг кам
иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима солиниши назарда тутилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлар томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги  маълумотларни тақдим этмаган ва бўш иш ўринларини яширган жами 126 нафар мансабдор шахсга нисбатан 53 млн. сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилиб, ундирилган.

Фуқаролар томонидан бўлган мурожаатлар ҳамда олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, иш берувчилар бўш иш ўринларини тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик, кўп ҳолатларда тақдим қилинадиган маълумотларда мавжуд бўш ўринларни кўрсатмаслиги ҳамда асосий,
иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар кўрсатилмасдан, хизматчи лавозимларни кўрсатиш билан чегараланиб, баъзи иш ўринлари яшириш ҳолатлари учрамоқда.

Иш берувчиларнинг бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик ва бўш иш ўринлари яшириб маълумотларни тақдим қилиш сабаблари баъзида мавжуд қонун талабларини билмаслиги
ёки тушунмаслиги бўлса, баъзи ҳолларда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва мансабдор шахсларнинг бошқа шахсий манфаатларини устун қуйиши деб хулоса қилиш мумкин.

Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланиши ёки бошқа таъсир чораларини кўрилишидан мақсад уларга нисбатан жазо чорасини қўллаш эмас балки меҳнат ва аҳоли бандлиги қонунчилигига барчани бир хилда амал қилинишига эришиш, бўш иш ўринларини аниқлаш ва уларга аҳолини ишга жойлаштиришдир. Айниқса таълим муасасаларини битирган ёшларни ишга жойлаштириш ҳозирги кунда энг муҳим масала эканлиги катта аҳамият касб этади.

Ушбу масалани моҳиятини тушуниб етган ва ўз вазифасига виждонан ёндашган мансабдор шахслар юқоридаги қонунбузарликларга йўл қуймаслиги барчамизга маълум.

Кичик корхона ва микрофирмаларда бўш иш ўринлари мавжуд бўлса, ишчи кучига эҳтиёж туғилса, Бандликка кўмаклашиш марказларига ихтиёрий тарзда бўш иш жойлари ишчи кучига бўлган эҳтиёж ҳақида маълумотлар тақдим этиб, ҳамкорлик қилса, кичик корхона
ва микрофирмаларга ҳам ишчи кучи билан таъминланади.

 

 

Самарқанд вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи  

Лазиз Қаршиев

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати