Call-Марказ
On-line Маслаҳатчи
Бизни топиш
Саволлар ва жавоблар
Янгиликларга обуна
Сайт бўйича қўлланма
Бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат бозорини тартибга солиш бошқармаси томонидан ваколат доирасида шакллантириладиган ахборот ва маълумотлар рўйхати

Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқариш ҳамда фуқароларга тегишли кафолатларни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг маҳаллий органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

меҳнат бозорини таҳлил этади ва истиқболини белгилайди ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш даражасини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

аҳолини иш билан таъминлаш масалалари юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий меҳнат органларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларидан ишсиз шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш жойлари яратиш, иш билан банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш учун фойдаланишнинг йўналишларини белгилайди;

аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Маҳаллий меҳнат органлари:

фуқароларга мақбул келадиган ишни танлашда, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бошқа иш берувчиларга эса зарур ходимларни танлашда ёрдам беради;

меҳнат органларига мурожаат қилган фуқаролар ва иш берувчиларга иш топиш ва ишчи кучи билан таъминланиш имкониятлари тўғрисида, ходимларга нисбатан қўйилаётган талаблар ҳақида ва иш билан таъминлашга тааллуқли бошқа масалалар юзасидан маслаҳатлар беради;

ишламаётган фуқароларни касбга ўргатиш, қайта ўргатиш ва малакасини ошириш тўғрисида ўқув юртлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан шартномалар тузади;

ишсиз шахсларни рўйхатга олишни таъминлайди ва уларга ёрдам кўрсатади, шу жумладан нафақалар тайинлаш ва тўлашни амалга оширади;

меҳнат бозорининг ҳолатига ва мазкур бозорни ривожлантириш истиқболларига баҳо беради, унинг мониторингини ташкил этади ва ўтказади ҳамда тегишли ахборот тарқатилишини таъминлайди;

иш қидириб мурожаат қилаётган фуқароларнинг, шунингдек бўш иш жойларининг (вакант лавозимларнинг) ҳисобини юритади;

аҳолини иш билан таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларининг бажарилиши мониторингини ушбу дастурларга киритилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган ахборот, шунингдек давлат статистика органларининг маълумотлари асосида амалга оширади;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан мўлжалланаётган тузилмавий ўзгаришлар ҳамда амалга оширилиши натижасида ходимлар ишдан озод этилиши мумкин бўлган бошқа тадбирлар тўғрисида, шунингдек бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) бор-йўқлиги, меҳнат хусусияти ва шароитлари тўғрисида ахборотлар олади;

давлат ва нодавлат таълим муассасаларидан уларнинг йўналиши ва ихтисослашуви, битирувчиларнинг касб-малака таркиби ва сони тўғрисида ахборотлар олади;

меҳнат органларига мурожаат этган фуқароларни касб тайёргарлиги ва малака даражасига мувофиқ корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга уларда бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) бўлган тақдирда ишга жойлаштириш учун юборади;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга қабул қилишга мўлжалланган энг кам миқдордаги иш жойларини белгилаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади ва уларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳокамасига киритади, шунингдек мазкур фуқароларни ишга жойлаштириш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга юборади;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ишончномаси асосида улар номидан фуқароларни ишга жойлаштириш тўғрисида уларни олдиндан (зарурат бўлган тақдирда) касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, йўлкира, кундалик харажатлар ҳақини тўлаш шарти билан шартномалар тузади, шунингдек янги яшаш ва иш жойига кўчиб бориш чоғида тегишли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан ёрдам пули беради;

ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига белгиланган тартибда уларнинг ўз хоҳишига кўра жўнатади;

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасининг маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;

фуқароларга ишсизлик нафақасини белгиланган тартибда тайинлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Давлат:

  • ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларга, шу жумладан ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналарга;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчиларига;
  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга;
  • ногиронларга ва пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахсларга;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахсларга;
  • одам савдосидан жабрланганларга қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Қўшимча кафолатлар қўшимча иш жойлари, ихтисослаштирилган корхоналар, шу жумладан ногиронлар меҳнат қиладиган корхоналар барпо этиш, иш ўргатишнинг махсус дастурларини ташкил этиш, корхона, муассаса ва ташкилотларга ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тоифадаги фуқароларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилaган бошқа чоралар билан таъминланади.

Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) ходим резервга бўшатилганидан ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга.

Корхона қайта ташкил этилганда ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиришни унинг ҳуқуқий вориси, корхона тугатилганда эса — маҳаллий меҳнат органи амалга оширади.

Ходимларга ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган кафолатларни бериш мумкин бўлмаган ҳолларда, маҳаллий меҳнат органи ишга жойлаштиришни, зарур ҳолларда эса, касби бўйича бепул ўқитишни таъминлайди.

Ушбу кафолатлар муқобил хизматга чақирилган ходимларга ҳам татбиқ этилади.

Меҳнат органларига бўш иш жойларни (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисидаги ва мўлжалланаётган ишдан озод этишлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақидаги Низомга (рўйхат рақами 858, 22.12.1999 й.) Бўш иш жойлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумот ва бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотлар, меҳнат органларига Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига тегишли бадалларни тўловчи сифатида рўйхатга олинган микрофирма ва кичик корхоналардан ташқари барча иш берувчилар томонидан тақдим этилади. Шунга кўра, корхона ва ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларидан олиш мумкин.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш ва молиялаш, шунингдек ишсиз шахсларнинг бундай ишларда иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлда 353-сон қарори билан тасдиқланган Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисидаги Низомга мувофиқ тартибга солинади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари меҳнат органларининг таклифига кўра ва уларнинг иштирокида аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ўз мулкидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳамда шартномалар асосида бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг амалга оширилишини ташкил этадилар.

Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар билан ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан икки ой муддатгача бўлган муддатли меҳнат шартномалари тузилади.

Жамоат ишларини бажариш чоғида фуқароларга бажарилаётган ишга қараб, бироқ ўн беш фоизга оширилган ишсизлик нафақасидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш, ана шу ишлар муддатини умумий меҳнат стажига қўшиш, пенсия таъминоти ва вақтинча ишга лаёқатсизлик юзасидан нафақалар олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин, агар:

ишсиз шахс зарур касб малакасига эга бўлмаганлиги туфайли унга мақбул келадиган иш танлаш мумкин бўлмаса;

ишсиз шахснинг касб кўникмаларига мос келадиган иш йўқлиги сабабли унинг касбини (мутахассислигини, машғулот турини) ўзгартириш зарур бўлса;

ишсиз шахс аввалги касби бўйича иш бажариш қобилиятини йўқотган бўлса.

Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ўқув юртларида меҳнат органларининг йўлланмалари бўйича Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасининг ана шу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, мустақил иш қидириш ва ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлаштириш Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюролар томонидан амалга оширилади.

Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 19 октябрдаги 408-сон ва 2003 йил 12 ноябрдаги 505-сон қарорларига, Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни қўллаш тартиби ҳақидаги йўриқномага (рўйхат рақами 285, 20.11.1996 й.) мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 12 моддасига мувофиқ Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган корхоналарда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 15 моддасига мувофиқ қуйидагилар иш берувчилар бўлиши мумкин:

1) корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида;

2) мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар;

3) ўн саккиз ёшга тўлган айрим шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 57-моддасига мувофиқ, унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш ҳар кимнинг мутлақ ҳуқуқидир. Ихтиёрий равишда иш билан банд бўлмаслик жавобгарликка тортиш учун асос бўлолмайди.

Ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиш ёки меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 61-моддасига мувофиқ биринчи марта иш қидираётган, касби (мутахассислиги) бўлмаган шахслар учун дастлабки касб тайёргарлигини талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса, уларнинг ёши ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинчалик иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланади.

Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун уларнинг касб тайёргарлигига мос бўлган, ёшини, соғлиғи ҳолатини, меҳнат стажини ва аввалги мутахассислиги бўйича тажрибасини, янги иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини инобатга олувчи иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланади.

Шунингдек, Меҳнат Кодекси 65-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ишсизлик нафақасини олиш даври тугаганидан сўнг касби (мутахассислиги) бўйича иш топиб бериш мумкин бўлмаган тақдирда, ишсиз шахснинг қобилиятини, унинг соғлиғи ҳолатини, олдинги иш тажрибасини ва унинг учун қулай бўлган ўқитиш воситаларини инобатга олган ҳолда касбини (мутахассислигини) ўзгартиришни талаб қиладиган иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 63-моддасига мувофиқ, мақбул келадиган деб ҳисобланмайдиган ишлар агар:

  • иш яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ бўлса;
  • таклиф этилган иш доимий яшаш жойидан анча узоқ бўлса ва транспортда қатнаш жиҳатдан қулай бўлмаса. Иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатдан қулайлиги (йўл қўйилиши мумкин бўлган узоқлиги) мазкур жойдаги жамоат транспорти тармоғининг ривожланганлиги ҳисобга олинган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан белгиланади;
  • таклиф этилган ишни рад этиш ишсиз шахснинг соғлиғи ҳолатига, унинг ёшига ва бошқа узрли сабабларга кўра мавжуд монеликларга асосланган бўлса, бундай иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 65-моддасига мувофиқ, ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсга у иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кундан эътиборан тайинланади. Қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркакка ишсизлик нафақаси у ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади. Ишсиз шахснинг нафақа олиш ҳуқуқи у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб кечи билан ўн биринчи кундан эътиборан кучга киради.

Ишсизлик нафақаси кўпи билан:

  • ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;
  • илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсга эса ўн уч календарь ҳафта мобайнида тўланади.

Ишсиз ишсизлик нафақасини олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига ишга ёки касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 77-моддасига мувофиқ, ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади.

Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш ушбу Кодекснинг 241-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.