Call-Марказ
On-line Маслаҳатчи
Бизни топиш
Саволлар ва жавоблар
Янгиликларга обуна
Сайт бўйича қўлланма
Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби юзасидан

Ўзбекистон Рсепубликаси Президентининг «Кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтиришга оид тадбирлар тўғрисида» 1994 йил 23 август, ПФ-938-сон Фармони.

 Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби Ўзбекистон Рсепубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Рсепубликаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 12.12.2012 йил 350 сонли қарори

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамнинг қуйидаги турлари мавжуд:
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;
бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;
кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

 

  а) 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг:

бир нафар фарзанди бўлса – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи;

икки нафар фарзанди бўлса – энг кам ойлик иш ҳақининг 80 фоизи;

уч нафар ва ундан ортиқ фарзандлари бўлган оилага – энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида 6 ой муддатга тайинланади ва тўланади.

б) бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида 12 ой муддатга тайинланади ва тўланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.

в) кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам пули оиланинг моддий ва мулкий аҳволига қараб, амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 дан 3 бараваригача миқдорда 6 ой муддатга тайинланади ва тўланади.

 

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги ариза уч босқичда кўриб чиқилади.

Биринчи босқичда махсус комиссия ариза берилган санадан бошлаб уч кун муддатда ариза берувчи томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилган маълумотлар асосида оиланинг аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдорини аниқлайди.

Агар оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан  кам бўлса, махсус комиссия оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини текшириш санасини белгилайди.

Иккинчи босқичда махсус комиссия ариза берилган санадан бошлаб ўн кун муддатда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади, шундан кейин тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги хулосани фуқаролар йиғинига ёки Комиссияга киритади.

Учинчи босқичда ариза берилган ойнинг охирги кунидан кечикмай, махсус комиссиянинг хулосаси инобатга олинган ҳолда, ариза тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш учун фуқаролар йиғини ёки Комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Кам таъминланган оилалар томонидан белгиланган шакл бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси номига ариза билан бирга:

белгиланган шакл бўйича оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;

болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун – болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;

агар болалар васийликка олинган бўлса – васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма тақдим этилади.

Бундан ташқари ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини (Комиссия) томонидан очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
Тўлов нафақа ва моддий ёрдам олувчининг яшаш жойи бўйича Халқ банкининг филиаллари томонидан амалга оширилади.