Call-Марказ
On-line Маслаҳатчи
Бизни топиш
Саволлар ва жавоблар
Янгиликларга обуна
Сайт бўйича қўлланма
Меҳнат шартномаси

Меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган (Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори) шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир. Меҳнат кодексининг 82-моддасига мувофиқ ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.

Меҳнат шартномаси – меҳнат муносабатларига кириш учун асос ҳисобланади. Меҳнат шартномасини тузар экансиз меҳнат қонунчилиги ҳамда корхонанинг локал ҳужжатларда назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўласиз. Бу ҳуқуқларга:

  • қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлмаган миқдордаги иш ҳақини Меҳнат кодексида назарда тутилган муддатларда олиш ҳуқуқи;
  • меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан чеклов;
  • иш вақти давомийлигининг чекланганлиги;
  • ҳафталик дам олиш кунлари, байрам (ишланмайдиган) кунлари, йиллик пул тўланадиган таътилларга эга бўлиши;
  • кафолатли тўловлар ва компенсация тўловларни олиш;
  • касаба уюшмалари ва ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган бошқа ташкилотларга бирлашиш;
  • ўз ҳуқуқларини меҳнат низоларида ҳимоя қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини олиш;
  • йил давомидаги меҳнати натижаларига кўра мукофот, тақдирлаш ва корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилан бошқа тўловларни олиш ва бошқалар.

Меҳнат шартномаси бўйича ишланган давр меҳнат дафтарчасидаги киритилган ёзувлар асосида меҳнат стажига киритилади.

Меҳнат кодексининг 74-моддаси биринчи қисмига кўра, меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилишига эътибор қаратилиши лозим. Бу талаб умумий бўлиб, истиснолар мавжуд эмас.

Сизнинг ўғлингизни ишга қабул қилиш пайтида ҳуқуқбузарликка йўл қўйилган бўлиши эҳтимоли бор.

Ишга қабул қилиш жараёнини шартли равишда учта босқичга бўлиш мумкин:

  • ишга қабул қилиш пайтидаги таништирув жараёни;
  • меҳнат шартномасини тузиш;
  • ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни чиқариш;

Қонунчиликда ишга кираётганлар ва иш берувчиларга аниқ ҳуқуқлар кафолатланган ҳамда уларга меҳнат муносабатлари бошлангунга қадар ҳам тегишли мажбуриятлар юкланган.

Шундай қилиб, ишга қабул қилиш тартиби бу ишга кирувчи ва иш берувчининг ихтиёрий ҳаракатлари эмас, балки қонунчилик билан белгиланган муомала қоидаларидир.

Ишга қабул қилишнинг асосий ва энг муҳим босқичи бу меҳнат шартномасини тузиш, яъни ходим ва иш берувчининг барча шартлар бўйича келишувга эришиши ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, томонлар келишувнинг барча зарур ва қўшимча шартлари бўйича келишмагунларича меҳнат шартномаси тузилмайди. Ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси лозим даражада расмийлаштирилиши ҳамда ходим ва иш берувчи томонидан имзоланиши лозим.

Тузилган меҳнат шартномаси асосида ходимни ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқни чиқариш, шунингдек, ходимни у билан таништириш ишга қабул қилиш жараёнини тамомлайди.

Шу сабабли, сизнинг ўғлингиз синов муддатини ўтаётган бўлган тақдирда ҳам у меҳнат шартномасини тузган бўлиши ва ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқни танишиб имзолаган бўлиши лозим эди. Меҳнат кодексининг 82-моддаси мувофиқ, ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганидан қатъий назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади. 

Иш берувчининг ушбу талаби тўғри. Меҳнат кодексининг 72-моддаси 3-чи
қисмига кўра, меҳнат шартномасини тузиш ҳақидаги келишувдан олдин қўшимча
ҳолатлар (танловдан ўтиш, лавозимга сайланиш ва бошқалар) бўлиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 79-моддасига асосан, ҳақиқатдан ҳам қариндошларнинг битта корхонада башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсиниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлсалар, уларнинг бирга хизмат қилишларини тақиқловчи қоида мавжуд. Бироқ, бу қоида фақат давлат корхоналарига тадбиқ қилинади ва сиз ишлаёган хусусий фирмага тааллуқли эмас. Бу Меҳнат кодексининг 79-моддасида қуйидаги тарзда белгиланган: ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади. Бундан ташқари, шуни таъкидлаш керакки, сизга нисбатан Меҳнат кодексининг 234-моддаси 5-чи қисмининг қоидалари ҳам қўлланилади. Унга кўра, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Яъни, сиз ушбу корхонада ишлаб турган вақтингизда болани парваришлаш таътилига чиққанингиз сабабли, иш жойингиз сақланади ва ўз ишингизга қайтишга тўла ҳуқуқингиз бор.

Албатта, сиз бундай ҳуқуқга эгасиз. Бироқ, шуни назарда тутиш лозимки, Меҳнат кодекси 73-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда, унинг амал қилиш муддати меҳнат шартномаси томонларининг келишувига биноан, яъни ходим ва иш берувчининг ўзаро розилиги билан белгиланади. Сиз ўзингиз истаган муддатни таклиф қилишингиз мумкин, лекин натижада муддат иш берувчининг фикрини инобатга олиб белгиланади.

Муддатсиз меҳнат шартномасини тузишга келсак, шуни таъкидлаш керакки, Меҳнат кодексининг 75-моддасига кўра меҳнат шартномалари:

  • номуайян муддатга;
  • беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;
  • муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 76-моддасида иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқи қуйидаги тарзда чекланган:

Муддатли меҳнат шартномалари:

  • бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;
  • корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.

Шундай қилиб, сиз корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим бўлмасангиз иш берувчи сиз билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш айнан сизнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, тузилаётганлигини ёки меҳнат шартномасини номуайян тузишнинг техник жиҳатдан имконияти йўқлиги исботлаб бериши зарур.

Йўқ. Меҳнат кодексининг 75-моддасига кўра меҳнат шартномалари:

  • номуайян муддатга;
  • беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;
  • муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Агар Сизнинг меҳнат шартномангизда унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган, деб ҳисобланади.

Меҳнат шартномасини номуайян муддатга тузилиши сиз доимий муддатга ишга қабул қилинганингизни англатади ва сиз билан тузилган меҳнат шартномаси муддат тугаганлиги сабабли бекор бўлмайди.

Қайд этилиши керак. Меҳнат кодексининг 81-моддаси учинчи қисмига кўра, иш берувчи меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёзиши шарт. Ўзбекистон Республикаси  Адлия Вазирлигида 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”нинг 2.12-банди асосида  меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувлар киритилади. 

Ҳа, имзолашингиз мумкин. Меҳнат кодексининг 82-моддаси биринчи қисмига кўра, ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғини чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Шундай қилиб, аввал меҳнат шартномаси тузилади ва шундан кейин буйруқ чиқарилади. Буйруқ мазмунидан хавотир олманг. Меҳнат кодексининг 82-моддаси тўртинчи қисмига кўра, ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ тузилган меҳнат шартномасининг мазмунига тўла мувофиқ равишда чиқарилади.

Ҳа, бу сизнинг шахсий ҳуқуқингиз. Ҳар бир шахс ўриндошлик асосида ишлайдими ёки йўқми ўзи ҳал қилади. Афтидан сизни репетитор ёки ўқитувчи сифатида ишга таклиф қилган ташкилот ҳали ҳам аввал амалда бўлган қонунчилик асосида иш кўраётганга ўхшайди.

Ўриндошлик асосида асосий иш жойи бўлмаган корхонага ишга қабул қилинаётган ходим фақат ишга қабул қилинишда талаб этиладиган ҳужжатларни тақдим этади. Меҳнат дафтарчаси ҳамда ҳарбий хизматга бўлган муносабат ҳақидаги ҳужжат бундан мустасно, чунки бу ҳужжатлар асосий иш жойида юритилади.

Иш берувчи ходим ҳақиқатан ҳам ташқи ўриндошлик асосида ишга қабул қилинаётганлигига ишонч ҳосил қилиши учун ишга қабул қилинаётган шахсдан унинг меҳнат дафтарчаси сақланаётган ҳамда ҳарбий ҳисоби юритилаётган асосий иш жойи борлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиши лозим. Қонунчиликка мувофиқ (Меҳнат кодексининг 80-моддаси, Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) 1.5-банди) бундай ҳужжат – асосий иш жойидан маълумотнома ҳисобланади.

Ушбу маълумотномани авваллари талаб қилинадиган асосий иш жойидан рухсатнома билан адаштиришмаслик лозим. Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган низомнинг 6 банди 2 қисмига асосан ўриндошлик асосида ишга киришда асосий иш жойи ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмаслиги кўрсатилган.

 Меҳнат кодексининг 80-моддасига кўра ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Иш берувчи олий таълим муассасасини тамомлаганлик ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхасини талаб қилишга ҳаққи бор. Бу Меҳнат кодексининг 80-моддасида назарда тутилган. Ундаги ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатида олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги диплом ҳақида сўз юритилган. Афтидан Сизнинг янги раҳбарингиз ходимларнинг шахсий жилдларини қайта кўриб чиқиб, зарур ҳужжатларнинг асли бор ёки йўқлигига қизиқаётган бўлса керак. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт. Сиз диплом дубликатини олиш учун уни берган ташкилотга ёки унинг ҳуқуқий офисига, мазкур ташкилот қайта ташкил этилган бўлса  мурожаат этишингиз мумкин. Сизга асоссиз рад этган тақдирда, олий таълим тўғрисидаги ҳужжат берилганлик фактини аниқлаш учун судга мурожаат қилишингиз мумкин. Диплом йўқолганлигини тасдиқлаш учун ҳужжатнинг ксеронусхасини ҳамда ёнғин ҳақидаги маълумотномани тақдим қилиш мумкин. Суднинг ижобий қарори чиққанидан сўнг олий таълим муассасаси сизга дипломнинг дубликатини беришга мажбур бўлади. 

Йўқ, нотўғри. Меҳнат кодексининг 74-моддаси учинчи қисмига кўра меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилади.

Ушбу ҳолатда сизнинг иш берувчингиз ноҳақ ва у Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигини бузмоқда. Хусусан, Меҳнат кодексининг 81-моддаси иккинчи қисмига кўра иш берувчи корхонада беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно.

Ҳудди шундай иш берувчи Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган 29.01.1998 йилдан “Меҳнат дафтарчасини юритиш тартиби тўғрисида”ги 402-сонли йўриқнома талабларига  зид харакат қилмоқда. Бу борада Давлат меҳнат хуқуқ инспекторларига мурожаат этиш жоиз.*

* Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторларининг манзиллари ва телефон рақамлари ---- бетда кўрсатилган.

Ҳа, сиз меҳнат шартномасини маълум бир муддатга қадар олдиндан тузиб қўйишингиз мумкин, бунга қонунчиликда ҳеч қандай чеклов йўқ. Шу сабабли, сиз иш берувчи билан меҳнат муносабатларининг бошланиш муддатларини, масалан 1 феврални кўрсатиб меҳнат шартномасини тузишингиз мумкин. Бундан ташқари, бошқа йўли ҳам бор. Сиз янги йилдан меҳнат шартномасини расмийлаштириб олиб, иш берувчи билан келишган ҳолда 15 январдан ўз ҳисобингиздан таътилга чиқишингиз мумкин. Меҳнат кодексининг 83-моддасига кўра қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси у имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Сиз ходим сифатида шартномада белгилаб қўйилган кундан бошлаб ўзингизнинг меҳнат вазифаларини бажаришга киришишингиз лозим бўлади.

Сиз ишга чиқишингиз лозим. Меҳнат кодексининг 83-моддаси иккинчи қисмига кўра агар меҳнат шартномасида ишнинг бошланиш куни ҳақида шартлашилмаган бўлса, ходим меҳнат шартномаси имзоланган иш кунининг (сменанинг) эртасидан кечикмай ишга тушмоғи лозим.

Афсуски ҳаққингиз йўқ. Меҳнат кодексининг 77-моддасига кўра ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади. Бунга кўра сиз ўн олти ёшга тўлганингиздан кейин мустақил равишда бошқаларнинг рухсатисиз ишга киришга ҳаққингиз бўлади.

Бироқ, бир йилдан кейин сизда ишга жойлашиш имкони пайдо бўлади. Меҳнат кодекси 77-моддасининг иккинчи қисми умумий қоидадан истисно ҳолатини назарда тутиб, ўн беш ёшга тўлган ўсмирларни ишга қабул қилиш имкониятини назарда тутади. Бунга фақат қуйидаги шартларга риоя қилинганда йўл қўйилади:

  • сиз умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг ўқувчиси бўлишингиз;
  • сизнинг соғлиғингиз ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишингизга зиён етказмайдиган енгил ишга қабул қилинишингиз;
  • сиз қабул қининаётган иш таълим олиш жараёнини бузмайдиган бўлиши ва ўқишдан бўш вақтида бажариши;
  • ота-онангиздан бирининг ёзма розилиги бўлиши лозим.

Шуни таъкидлаш керакки, ўн беш ёшлик ўспиринни ишга қабул қилиш фақат юқорида санаб ўтилган шартларнинг барчасига риоя қилинганда қонуний ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ушбу қоидалари мамлакатимиз ратификация қилган Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги 138-сон ҳамда “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги 182-сон Конвенциялари билан узвий боғлиқ.